«Дадам бетоб» бадиий фильм трейлери

574
14 янв. 2017 г.

«Соғлом она ва бола йили» давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига асосан «Ўзбекфильм» киностудиясида «Дадам бетоб» номли бадиий фильм ишлаб чиқарилди.

Таниқли киноижодкор Зулфиқор Мусоқов режиссёрлигида суратга олинган мазкур фильмнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари ва соҳа мутахассислари учун ёпиқ тақдимоти жорий йилнинг 12 январь куни Алишер Навоий номидаги киносаройда ташкил этилди.

Унда кўплаб таниқли ва ёш киноижодкорлар қаторида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг санъатшунослик факультети ҳамда Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультети талабалари ҳам иштирок этиб, муҳокамада фаол қатнашишди.

Фильм сабр-тоқат ва матонат ҳақида бўлиб, оғир хасталикка учраган турмуш ўртоғи учун дори-дармон топиш илинжидаги аёлнинг турли қийинчиликларга бардош бериши ҳақида ҳикоя қилади.

Фильм қаҳрамонига қарама-қарши аламзада, қасос ўтида ёнаётган аёл ҳам курашади. Бири оила бутунлиги, фарзандлари тотувлиги учун курашса, иккинчиси бузғунчи диний экстремизм ғояларининг тантанаси учун кураш олиб боради.

Муҳокамада сўзга чиққан Зулфиқор Мусоқов ушбу фильмини буюк кино ва театр режиссёри, устози Анджей Вайданинг (1926-2016) ёрқин хотирасига бағишлашини айтиб ўтди.

Шу билан бирга, халқимизга “Шум бола” фильми орқали яхши таниш бўлган таниқли режиссёр Дамир Салимов Зулфиқор Мусоқовнинг ушбу картинаси ҳеч бир замонавий ўзбек фильмига ўхшамаслигини, бу фильм миллий кинематографиямизда янги даврни бошлаб беришига умид қилишини айтиб ўтди.

“Дадам бетоб” фильмнинг кенг жамоатчилик учун премьераси 20 январь куни соат 18:00да Алишер Навоий номидаги киносаройда ташкил этилади. Бадиий фильм 21 январдан эътиборан юртимиз кинотеатрларида намойиш этилади.