Chin dildan istasangiz | Чин дилдан истасангиз
Қадим Арабистонда илму ҳикматда беназир Шан деган бир ҳаким “ўзимга ўхшаган билимдон қиз топилмагунича уйланмайман”, деб аҳд қилган экан. Бироқ бутун мамлакатни кезиб чиқса ҳамки, ўзига муносиб ёр топа олмабди. Шу ниятда сарсон-саргардон юрган кезлари йўлда бир одам унга ҳамроҳ бўлибди. Шан ундан:
– Сиз мени кўтарасизми ё мен сизни кўтарайинми? – деб сўрабди.
– Бетамиз одам экансиз, – дебди ҳамроҳи аччиқланиб.
– Ўзим салламни зўрға кўтариб юрибману сизни қанақасига кўтарай?
Шан индамабди. Бир оз йўл юрганларидан кейин барқ уриб яшнаб турган бир буғдойзорга етибдилар. Шан ҳамроҳига қараб:
– Бу буғдойзорнинг донини еб бўлишдимикан? – дебди.
Бу саволдан ҳамроҳининг яна жаҳли чиқибди:
– Кўрмаяпсизми, ҳали буғдойи пишмаган бўлса, ўриб олинмай туриб қанақасига еб бўлади!
Шан яна индамабди. Бир оз юришгандан сўнг тобут кўтариб кетаётганларга йўлиқишибди.
– Тобутдаги мурда ўлганми ё ҳали ҳам тирикмикан? – сўрабди Шан ҳамроҳидан.
Ҳамроҳи баттар жаҳлланиб:
– Умрим бино бўлиб сизга ўхшаган аҳмоқни энди кўришим. Ҳеч замонда қабристонга кўтариб олиб кетилаётган мурдани ўлганми ё тирикми, деб ҳам сўраладими? Илтимос, энди жим кетинг. Бемаъни гапларингиздан кўнглим озиб кетяпти.
Шундай қилиб индамай кетаверишибди. Манзилга етишгач, ҳалиги одам: “Мусофирни меҳмон қилиб ҳам савоб олай, ҳам бояги қўполлигимни кўнглидан чиқарай”, деб уйига таклиф қилибди. Унинг ҳусну малоҳатда, ақлу фаросатда тенгсиз қизи бор экан. У отасидан: “Ҳамроҳингиз ким экан, йўлда нималарни гаплашиб келдингиз?” – деб сўрабди.
– Эй қизим, бу сафар қип-қизил аҳмоққа рўпара келиб қолдим, – деб бўлиб ўтган гапларни айтиб берибди.
– Унинг кўнглини оғритиб чакки қилибсиз, – дебди қиз.
– Айтган сўзлари унинг жуда катта ҳаким ва зўр билимдон эканидан далолат беряпти. Биринчи саволининг маъноси шу: “Йўлнинг заҳматини камайтириш учун сиз бирон нарса сўзлаб берасизми ё мен айтиб берайми?” “Бу ернинг ғалласини еб бўлишдимикин?” деганда “Ғаллани эккан одам бирор судхўрдан қарздор бўлиши, унинг қистовидан тезроқ қутилиш мақсадида, буғдойни ўриши биланоқ тўғри бозорга бориб сотиши мумкин”, деган маънони назарда тутган. Бу ҳол экин пишишидан олдинроқ еб кетилганига ўхшайди. Тобутдаги мурдани ўликми ё тирикми, деб сўраганининг маъноси эса бундай: “Бу одам ўлганидан кейин ёдгорлик сифатида бирор фарзанд ёки шогирд қолдирдимикан, эслашга арзигулик бирор хайрли иш қилдимикин ёхуд жоҳил ва фосиқлиги туфайли ўлиши биланоқ ҳамманинг эсидан чиқиб кетдимикин?” Сиз дарҳол унинг ҳузурига чиқиб, узр сўранг, айтган сўзларини шарҳлаб беринг. Акс ҳолда, у сизни аҳмоқ ва жоҳил деган қарорга келиши мумкин.
Ота чиқиб қизининг айтганларини етказибди. Шан унинг шарҳини тинглаб бўлгач, сўрабди:
– Бу шарҳлар сизнинг табиатингизга мутлақо хилоф. Уларни сизга ким ўргатди?
Қизнинг отасидан ҳақиқатни эшитган ҳаким шунча йиллардан бери қидирган инсонини топганини тушунибди. Отасининг розилиги билан қизни никоҳига олиб, муродига етибди.









