Соҳани молиялаштириш тизимини яхшилашга қаратилган мулоқот

4
2 июн. 2025 г.

Пойтахтимизда соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар, унинг натижалари ва ечимини кутаётган масалаларга бағишланган мулоқот бўлиб ўтмоқда.

Тадбир Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда тиббиёт тизимини молиялаштиришни ҳозирги ҳолатини таҳлил қилиш билан бирга яқин келажакдаги устувор йўналишларни аниқлаш, тармоқлараро ҳамкорликни ривожлантириш каби қатор вазифалар хусусида ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, ушбу тадбирдан сўнг тўрт кун давомида ЖССТ томонидан соғлиқни сақлаш соҳасидаги менежерлари, вазирликни ҳудудий бошқармалари ҳамда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси вакиллари учун махсус ўқув курси ўқитилади.

Мазкур тренинг давомида соғлиқни сақлаш маблағларини самарали ва мақсадли сарфлаш, стратегик харидлар орқали шаффоф тўлов механизмларини жорий этиш, тиббий хизматлардан фойдаланишни янада яхшилаш ҳамда маркетинг ва менежмент соҳасида дунё тажрибаси каби қатор мавзулар ўрганилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.