O’lmas Umarbekov. Gul sotuvchi qiz (hikoya) | Гул сотувчи қиз (ҳикоя)

116
9 июл. 2019 г.

Мен тез-тез Тошкентга келиб тураман. Ҳар келганимда у менга ўзгача, янги бир шаҳардай туюлади. Ҳар келганимда ҳали мен билмаган, ёки била олмаган гўзаллигини кўз-кўз қилади, сахий бағрини кенг очиб, олис йўлдан келган фарзандини қучоғига олаётган отадай, мени меҳр ва табассум билан қаршилайди. Бу меҳр ва табассумни мен олов тафтли қуёшнинг сербарг дарахтлар орасидан тушиб турган найза нурларида, илиқ шабада ўйнатиб турган косадек-косадек атиргулларнинг ёқимли ҳидларида ҳис қиламан. Қанчалик зарур бўлмасин, ишимни ташлаб, камалак тус скамейкаларда бир дақиқа бўлса ҳам ўтиргим, худди шундай камалак тус йўловчиларга қараб хаёл сургим келади. Кўпинча шундай қиламан ҳам. Хиёбондаги бир-бирига туташ уч фаввора ёнига ўтириб, атрофни томоша қиламан. Хиёбон кундуз ҳам, тун ҳам тинч, осойишта. Шу ерда ҳамма нарса сеҳрли олам оғушида. Дарахтларнниг кўплиги ё хиёбоннинг ўзига хос физилатими — йўловчилар шу ерга кирганда ярим овозда гаплашадилар, ярим овозда куладилар, бошқа кўчаларда қулоқни кар қилувчи игнапошна туфлиларнинг тақ-туқи бу ерда эшитилмайди. Эшитилса ҳам пастки пардалардаги мусиқа садосидек сеҳрли, кишини аллаловчи ёқимли куйдек эшитилади. Фаввора сувларининг бир оҳангдаги жилдираши хаёлга чўмдиради. Кўчаларда машиналарнинг кети узилмайди: бири ёғоч ташиган, бири ғишт, бири тупроқ. Радио эртадан-кечгача тинмай қурувчиларни мадҳ этади. Қурилиш шовқини, ташвиши ҳамманинг бошида, ҳам-манинг уйи, идорасида… Лекин хиёбон тинч, ҳамма нарса сеҳрли олам оғушида. Хиёбоннинг ўзига хос фазилатими ё улкан чодирлардек тизилиб турган баҳайбат дарахтларнинг кўплигиданми — кўчаларнинг ғала-ғовури бу ерга мутлақо бегона, одамларнинг юриши ҳам бошқача— оғир, сервиқор. Афтидан, шу ерга қадам қўйиш билан ҳамма шаҳар ташвишини, ўз ташвишини унутади. Серсоя дарахтлар шохларида бир-бирларига маҳлиё бўлиб сайраган қушлар, баргларнинг шитир-шитири, минг хил шакл, минг хил рангдаги туфлиларнинг бир оҳангдаги енгил тақ-туқи ҳаммани ўзга оламга, сокин ҳаёт қўйнига олиб киради.

https://ziyouz.uz/ozbek-nasri/ol...vchi-qiz-hikoya/