ССВ: Фарғонада тиббиётни рақамлаштириш бўйича ижобий натижаларга эришилмоқда

5
30 апр. 2025 г.

Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббиёт муассасаларида ягона ахборот платформасини жорий этиш, маъмурий бошқарув жараёнларида ортиқча қоғозбозликка чек қўйиш – соҳа олдидаги долзарб масала.

Шу боис бугун аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва қамровини янада ошириш мақсадида мазкур вазифалар ижросига жиддий киришилган.

Хўш, Фарғона вилоятида бу борада вазият қандай?

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олим Омонов иштирокида ҳудудда видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган йиғилишда айни шу масалалар атрофлича таҳлил қилинди.

Тадбирда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг шу йўналиш бўйича ўринбосарлари ҳамда IT-ҳамширалар жойлардаги студиялар орқали қатнашди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Фарғонада тиббиётни рақамлаштириш бўйича ижобий натижаларга эришилмоқда. Чунончи, айни пайтда ҳудудда 450 дан зиёд тиббиёт муассасаси бўлиб, уларда бу борадаги ишлар жадал олиб бориляпти.

Бунинг учун биргина жорий йил маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 800 дан ортиқ компьютер техникаси ва бошқа зарур воситалар ҳамда АКТ қурилмалари харид қилинди.

“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида замонавий компьютерлар сотиб олиш бўйича 10 та туман тиббиёт бирлашмаси ва 1 та вилоят муассасаси ғолибликни қўлга киритиб, ушбу мақсадлар учун 17,6 млрд. сўм ўзлаштириш режалаштирилган.

Таъкидлаш лозимки, жорий йил январь ойида Вазирлик Ҳайъат йиғилишида вилоятда инфратузилма ҳолати яхши эмаслиги, мавжуд қурилмалардан фойдаланилмасдан келинаётгани, локал тармоқ тортиш ишлари якунига етказилмагани танқид қилинган эди. Бундан эса масъуллар тегишли хулоса чиқарган ҳолда апрель ойининг ўзида 21 та муассасада локал тармоқ тортиш ишлари якунланди.

Қолаверса, қатор тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари томонидан DMED тизимидан самарали фойдаланиш, лаборатория, омборхона модулини ишга тушириш билан боғлиқ муаммолар бартараф этилган.

Бироқ айрим масъулларнинг сусткашлиги сабабли жойларда бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳам йўқ эмас.

Хусусан, DMED тизимидан самарали фойдаланиш, ходимларнинг бу борадаги масъулиятини янада ошириш, мутахассисларни танлов асосида ишга қабул қилиш бўйича айрим камчиликлар мавжуд.

Йиғилишда ҳудуддаги ижобий ҳолатларни намуна сифатида кўрсатиб ўтиш баробарида айтиб ўтилган мазкур камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.