ССВ: Тиббиётни рақамлаштириш борасидаги ишлар танқидий таҳлил қилинди

2
12 июн. 2025 г.

Бугун ҳеч бир соҳани рақамли технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Шу боис юртимизда тиббиётни рақамли трансформация қилиш, “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизимларининг ягона комплексини жорий этиш, бу орқали аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини оширишга алоҳида этибор қаратилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб ўтган навбатдаги мулоқотда ушбу масала вазир ўринбосари Олим Омонов бошчилигида атрофлича таҳлил қилинди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳри ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг рақамлаштириш бўйича ўринбосарлари, оилавий поликлиника, оилавий шифокор пункти, туман кўп тармоқли марказий поликлиника мудирлари, бош шифокорлари, IT-ҳамширалар ҳамда Ягона интегратор – “UZINFOCOM” масъуллари ва мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда Президентимизнинг 2018 йил 19 февралдаги тегишли фармонига мувофиқ даволаш-профилактика муассасаларида электрон тизим билан ишлайдиган “IT-оператор ҳамшира”лар учун белгиланган устама тўловларини тўлаш ҳолати чуқур муҳокама қилинди.

Хусусан, тиббиётни рақамлаштиришда ушбу мутахассислар зиммасига жуда катта вазифалар юклатилгани, бироқ Тошкент шаҳри, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан ташқари, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё каби қатор ҳудудларда уларга устама маблағларини тўлаш даражаси жуда паст экани жиддий танқид остига олинди.

Тадбирда мазкур топшириқни амалга оширишда сусткашликка йўл қўяётган ҳудуд масъуллари ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарларига кескин интизомий чоралар кўрилиши қайд этилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар юклатилди.

Шунингдек, йиғилишда давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 19 майдаги тегишли қарори доирасида 15 та тажриба-синов туман (шаҳар)лардаги тиббиёт муассасалари инфратузилмасини яхшилаш, зарурий ахборот-коммуникация жиҳозлари ва тармоқ қурилмалари билан таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар таҳлил қилиниб, белгиланган топшириқларни қисқа вақтда йўлга қўйиш юзасидан амалий чоралар белгиланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.