Хотин-қизлар ижтимоий ҳимояси кучайтирилмоқда
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган “Барқарор турмуш” ойлиги тадбирининг навбатдагиси “Миллий кино санъати саройи” ёзги истироҳат боғида ўтказилди. Унда Шайхонтоҳур, Олмазор, Яшнобод ва Яккасарой туманларидан 80 нафардан ортиқ хотин-қизлар иштирок этишди.
Тадбирда сўз олганлар бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратиб берилаётган шароит ва кенг имкониятлар ҳақида айтиб ўтишиб, мазкур ойлик давомида Тошкент шаҳрида яшовчи хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни иш билан таъминлаш, оғир турмуш шароитида яшаётганларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларга касбга ўқитиш учун бепул сертификатлар бериш, хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиш ниятида бўлган аёлларни иш билан таъминлаш ва имтиёзли кредитлар беришга яқиндан ёрдам берилишини алоҳида таъкидлашди.
Мазкур тадбирда 10 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар ўзларининг бўш иш ўринлари билан иштирок этдилар. Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда низоли оилаларнинг муаммолари юзасидан мутахассислар томонидан ҳуқуқий, иқтисодий, психологик ва ижтимоий маслаҳатлар берилди.
Тадбир якунида оғир ижтимоий-иқтисодий шароитда яшаётган оилаларга бир марталик моддий ёрдам ва озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди, ёш болаларга бассейнларга бепул ташриф буюриш учун сертификатлар топширилди.