Рақамлаштириш тизими орқали беморлар қатор қулайликларга эга бўлмоқда
Соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида телетиббиётни жорий қилиш бўйича кўплаб ижобий натижаларга эришилмоқда.
Жумладан, Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятига рақамлаштириш тизимининг фаол татбиқ этилиши тиббиёт ходимларининг иш самарадорлиги ошиши ва беморларга қатор қулайликлар яратилишига хизмат қиляпти.
Марказда даволанмоқчи бўлган бемор ушбу тиббиёт муассасасига келмасдан туриб, мазкур тизим билан қамраб олинади. У уйида ўтириб ҳам, онлайн тизим ёрдамида аввалдан ташриф учун ўзи истаган вақт ва шифокорни танлаши мумкин. 24/7 режимида ишлаб турган Call марказга қўнғироқ қилиш (55 505-00-00) орқали бемор керакли маълумотларни олиб, шифокор қабулига онлайн тарзда ёзилади.
Бунинг натижасида бемор ўзи учун қулай ва бўш вақтида аввалдан рўйхатдан ўтказилган тиббий карта орқали марказга ташриф буюриши мумкин. Қабулга олдин ёзилган бемор келганидан сўнг ҳеч қандай навбат кутмайди ҳамда уни кутиб олиш ва хизмат кўрсатиш учун алоҳида ходим бириктирилади.
Шунингдек, беморлар рўйхатхонада тақдим этилган рақамлар орқали хоналарга кириши ҳам тартибга солинган. Тизим самараси ўлароқ, навбатлар сезиларли тарзда камайди ва хизмат кўрсатиш сифати янада ошмоқда.
Айтиш лозимки, марказ IT-технологиялар воситасида шифокорлар ва марказ ходимларининг иш жараёнини қулайлаштириш ҳамда хизмат сифатини яхшилаш учун энг сўнгги электрон қурилмалар билан таъминланди.
Шунингдек, рўйхатга олиш, шифокорлар қабули, йўлланмалар бериш, ташхис қўйиш ва бошқа тиббий хизматлардан фойдаланиш жараёни тўлиқ автоматлаштирилди. Поликлиника, дерматокосметология, пластик хирургия, стационар даволаш бўлими ички дорихона, лаборатория ва бухгалтерия хизматлари ҳам рақамлаштирилган.
Телетиббиёт даволаш тизимига ҳам жорий этилган бўлиб, бу марказ ва унинг ҳудудий филиалларида муассасанинг малакали шифокорлари ва чет эллик мутахассислар билан консилиум ўтказиш имконини беради. Тизим орқали шифокорлар муолажалардан аввал ва кейин беморнинг тери ҳолатини реал вақт режимида баҳолай оладилар.
Ахборот тизимларининг самарадорлиги туфайли вақт тежалиши ҳисобига шифокорлар иш юкламаси бир неча баробарга камайтирилди ва натижада беморларни кунлик қабул ҳажми 170 дан 300 тагача ортди.
Шунингдек, марказга юртимизда ягона бўлган бир нечта замонавий тиббий ускуналар олиб келингани ҳам ташхис ва даво муолажалари самарадорлигининг ошишига хизмат қиляпти.
Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари малака ошириш, телетиббиёт, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, илм-фан бўйича маълумотлар шакллантирилган “SMAT” ахборот тизимидан фойдаланмоқда.
Бундан ташқари, марказнинг ҳудудий филиаллари томонидан бемор яшаб турган жойида сифатли хизмат кўрсатилиши таъминланган. Бу эса, ўз навбатида, беморнинг ортиқча оворагарчилиги ва қийинчиликларининг олдини олади ва қисқа муддатларда ўз ҳудудида хизматлардан фойдаланиш имконини яратади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.