СУМБУЛА

108
16 июн. 2020 г.

Сумбулажон, сумбула,
Сен менинг ҳолим сўра,
Ҳолим забун айлаган
Ўшал сайроқ булбул-а..

Унинг кўзи қародир,
Менинг бағрим яродир,
Айтолмайман дардимни
Ғурур йўлдан уродир.

Муҳаббат ёмон экан,
Сийлови ҳижрон экан,
Ёниб-ёниб етганинг,
Дунёи армон экан.

Армоннинг бўйи узун,
Бахтимнинг йўли тугун,
Уринмагил афсунгар,
Ёрнинг жодуси афзун.

Сумбулажон, сумбула,
Жафокашга йўқ чора,
Энди Санобарингга
Тангридан тўзим сўра.
Сумбула-я, сумбула.

Санобар Фахриддинова шеъри.
Музаффар Муҳаммадназар ижросида ўқилди.