Oʻrgatib boʻlmaydigan ilm | Ўргатиб бўлмайдиган илм

82
8 июл. 2019 г.

Басра шаҳрида бир киши бор-будини ёлғизгина ўғлининг яхши таълим-тарбия олиши учун сарфлар экан. Ёш йигит неча йиллар мобайнида номдор илм даргоҳларида энг машҳур устозлардан таълим олибди.

Ниҳоят, бола уйга қайтибди. Кекса­йиб қолган отаси унга пешвоз чиқибди, ўғлининг кўзларига тикилиб, кўнгли тўлмабди ва:

– Ўғлим, нималарни ўргандинг? – деб сўрабди.

– Отажон, ўргатилиши мумкин бўлган барча нарсани ўргандим, – деб жавоб қилибди ўғил.

– Лекин ўғлим, сен ўргатиб бўлмайдиган нарсани ҳам ўргандингми? Бор, ўргатиб бўлмайдиган нарсани ўрганиб кел, – деб ота уни ортига қайтарибди.

Йигит устозининг ёнига қайтиб, отасининг талабини айтибди. Шунда устози жавоб ўрнида:

– Мана бу тўрт юз қўйни олгин-да, сони то мингтага етгунча тоғларда яша, – дебди.

Йигит қўйларни олиб тоғлар бағрида чўпонлик қила бошлабди. У ҳаётида биринчи марта сокинликка дуч келибди. Ҳеч суҳбатдош тополмай сиқилган вақтларида қўйларга гапирар, улар борлигидан ҳам тас­кин оладиган бўлибди. Йигит секин-аста ўзидаги “мен”ни, манманликни, ғурурни унута бошлабди… Бора-бора сокин ва ҳокисор инсонга айланибди. Унда сабр­лилик ва донишмандлик белгилари пайдо бўлибди.

Орадан икки йил ўтиб қўйларнинг сони мингтага етгач, у устозининг ёнига қайтиб бориб ҳурмат билан таъзим қилибди. Шунда устози:

– Мана энди ўргатиб бўлмайдиган нарсани ҳам ўргандинг, – дебди.

Тошкент Ислом институти талабаси

Дилафруз САЛОҲИДДИН қизи тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2011 йил, 6-сонидан олинди.