Пойтахтимизда “Оториноларингология ва бош-бўйин касалликларининг долзарб муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бошланди
Унда юртимиз вакилларидан ташқари, Россия, Италия, Туркия, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатлардан етакчи соҳа олимлари ва мутахассислар иштирок этмоқда.
Тадбирни Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Д. Султанов кириш сўзи билан очди.
Анжуманда оториноларингология, бош ва бўйин касалликлари бўйича инновацион диагностика ва даволаш технологиялари, бу йўналишда олиб борилаётган молекуляр генетик тадқиқотлар, беморларни реабилитация қилишнинг илғор усулларига доир маърузалар тингланмоқда.
Қайд этилганидек, ЛОР касалликлари аҳоли орасида энг кўп учрайдиган патологиялардан. Бироқ яқин йилларгача юртимизда мазкур йўналишда ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатишнинг яхлит тизими йўқ эди. Соҳа тарқоқ ҳолда бўлиб, анчайин эътибордан четда қолганди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил август ойидаги тегишли қарори бу муаммонинг оқилона ечими бўлди. Мазкур ҳужжатга кўра, Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилиши натижасида тиббиётнинг ушбу йўналиши ҳудудларда ўз филиалларига эга яхлит тизимга айланди.
Бугунги кунга келиб, муассаса ва унинг жойлардаги филиаллари юртимизда оториноларингологик ва бош-бўйин касалликлари профилактикаси, уларни эрта аниқлаш ҳамда даволаш дастурларини амалиётга татбиқ этиб келмоқда.
Анжуман доирасида маҳорат дарслари ва тақдимотлар ўтказиш ҳамда якунда хорижий тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаш кўзда тутилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.