Masjidga borganlar va namozga kelganlar | Масжидга борганлар ва намозга келганлар
Рамазон ойи эди. Бир куни Аббосийлар давлати бошлиғи Ҳорун ар-Рашид Шайх Баҳлул ҳазратларига қараб: «Эй Баҳлули доно! Шом намозида масжидга боринг ва барча намозга келганларни ифторга таклиф қилинг», деди.
Халифа буюрганидек Шайх Баҳлул ҳазратлари шом намозига масжидга бордилар. Азон айтилиб, намоз адо қилинди.
Намоздан сўнг Шайх Баҳлул ҳазратлари ўн киши билан бирга саройга келдилар.
Ҳорун ар-Рашид жамоат жуда озчилик эканини кўргач, ҳайратланиб:
— Булар ким, эй Баҳлул? — деб сўради.
— Султоним, булар сиз ифторга таклиф қилган кишилардир.
— Мен намозга келган барчани саройга чақиринг демаганмидим?
— Худди шундай, ҳазратим, сиз менга масжидга келганларни эмас, намозга келганларни ифторга таклиф қил, деган эдингиз. Мана, намозга келганлар келишди.
— Қанақасига?.
— Намоздан сўнг камина масжид эшигида туриб, чиқаётганлардан: «Имом намозда қайси сураларни ўқиди?», деб сўрадим. Бу саволга фақатгина мана шу инсонлар жавоб беришди, холос. Масжидга келганлар кўпчилик эди, аммо намозга келганлар фақат шу кишилар экан, — деб жавоб қилди Баҳлули доно.
Фатҳиддин Мансур таржимаси









