Qo‘zichoqning holi… | Қўзичоқнинг ҳоли
У ўн йилдан бери қассоблик қилар, ўз ишининг устаси эди. Ҳайвонларни синчилик билан танлар ва доимо ўзи сўярди. Сара гўшт қидирган киши излаганини унинг дўконидан топгани учун ҳам, харидорлари бисёр эди. Шу пайтгача мингларча жониворни сўйган қассоб суҳбатларда шундай дерди: “Мен учун ҳайвон сўйиш тарвуз сўйишдан кўра қулайроқ”.
Йиллар давомида орттирган тажриба ёрдамида ҳали сўйилмаган жониворнинг қанча гўшт беришини аниқ айтар, қўйларни беш, ҳўкиз, сигирларни эса йигирма дақиқада сўйиб, бўлаклашга улгурарди. Фақат.. кейинги пайтда қўзичоқларни сўйишга қўли бормай қолди. Қўзи гўшти сўраб келган мижозларига: “Уларни катта бўлишга қўйинглар. Мана, бошқа гўштлар етарли-ку!” – дерди. Мижозлар эса қассобнинг бу сўзларига қандай маъно беришга ҳайрон, чунки ҳозиргача бу дўкондан қўзичоқ гўшти узилмаган эди. Ҳолбуки, қассобнинг бу ҳолати бесабаб эмас. Қўзичоқ дейилиши билан, кўз олдига бир неча ой олдин туғилган гўдаги келарди. Зотан, унинг ўзи ҳам қора кўзли, қўнғироқ сочли қизчасини “қўзичоғим” дея эркалатишга одатланганди.
Шу тарзда орадан ўтган бир неча ой ичида қассобнинг мижозлари сезиларли камайди. Буни қўзичоқ гўшти сотмай қўйганига йўяркан, бир қарорга келди: “Бўлди, бу ҳолга барҳам бериш керак! Шу даражада ҳам юраксиз бўладими одам?!”
Эртасига бошқа ҳайвонлар билан бирга битта қўзичоқ ҳам олди. Олдин молларни, кейин қўйларни сўйди. Одатдан ташқари, бу галги ишларини жуда секин бажарар, ўзича бир неча дақиқа бўлса ҳам қўзичоқнинг ўлимини кечиктирарди.
Навбат қўзичоққа келганда худди аҳамиятсиз иш қилаётгандек оғзига келган ашулани хиргойи қила бошлади. Аслида яхши билардики, бу ўзига тасалли беришга уринишдан бошқа нарса эмас. Қўзичоқни ушлаб, бир қўли билан ерга ётқизди, заиф вужуд унга қаршилик қилмади. Қассоб пичоққа қўл чўзаркан: “Нима ҳам қилардик, бу сизларнинг тақдирингиз”, деб қўйди. Дафъатан қўзичоқни ерга босиб турган қўлида илиқлик сезди. Эътибор бермасликка уринди, чунки яна бирпас турса бор журъати ҳам йўқолишини биларди. “Э, нима бўлса, бўлар”, дея пичоқ тортиш учун энгашаркан, қўзичоқни тутиб турган қўлларига боқиб қотиб қолди. Қўзичоқ ўзини сўйиш учун тутган қўлнинг кичик бармоғини онасининг елини хаёл қилиб эмарди.
“Ирфон” тақвимининг 2009 йил, 3-сонидан олинди.









