Ашқадарёда тиббиёт тизимини рақамлаштириш ишлари қониқарлими
Бугунги тезкор замонда ҳеч бир соҳа истиқболини рақамлаштиришсиз тасаввур этиш қийин. Шу боис мамлакатимизда бу масалага алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш чоралари кўрилаётир. Бу борадаги ишлар аллақачон мамлакат бўйлаб бошланган, аммо натижа ҳамма жойда ҳам қониқарли деб бўлмайди.
Хабарингиз бор, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олим Омонов томонидан жойларда ўтказиб келинаётган видеоконференцалоқа шаклидаги йиғилишларда ҳудудлардаги мавжуд вазият кенг таҳлил қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.
Қашқадарё вилоятида ташкил этилган навбатдаги йиғилишда ҳудуддаги ҳолат тизим раҳбарлари иштирокида атрофлича кўриб чиқилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқарма бошлиқларининг шу йўналиш бўйича ўринбосарлари жойлардаги студиялар орқали қатнашди.
Таъкидланганидек, 2023 — 2024 йилларда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Қашқадарё вилоятига 970 та компьютер техникаси харид қилиш белгиланган. Аммо бугун вилоятда компьютерлар етишмайди. Масалан, Ғузор туманида 62 та компьютер мавжуд бўлиб, бу эҳтиёжнинг 14 фоизини қоплайди, холос. Нишон туманида эҳтиёжнинг 26, Қамашида эса 34 фоизи таъминланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг шу йил 31 январдаги Ҳайъат йиғилиши баёни билан бошқарма бошлиқларининг тиббиёт муассасаларини локал тармоққа улаш бўйича зарурий чоралар кўриши белгиланган.
Лекин бугунги кунгача қатор муассасаларда локал тармоқ қурилиши якунига етмаган. Косон ТТБнинг кўп тармоқли марказий поликлиникаси, “Сарипул” оилавий поликлиникаси, Китоб ТТБнинг 13-оилавий поликлиникаси шулар жумласидандир.
“Ягона тиббиёт ахборот тизими”ни вилоятда февраль ойига қадар тўлиқ жорий этиш белгиланган бўлса-да, 3 та муассасада бу вазифа бажарилмаган. Аксинча, аллақачон тўхтатилиши керак бўлган дастурлардан ҳамон фойдаланилмоқда.
Афсусланарлиси шундаки, бир қатор раҳбарлар вазирликнинг тегишли буйруғидан умуман бехабар. Айрим АКТ ходимлари ўзларининг функционал вазифалари ҳақида аниқ тасаввурга эга эмас.
Вилоятдаги айрим туман бирлашма раҳбарлари, ОП ва ОШП мудирлари электрон дастур бўйича назоратни қўлга олмаган.
Китоб тумани марказий шифохонасида ва бошқа даволаш профилактика муассасаларида DMED тизими йўқ. Қарши шаҳар КТМПда электрон навбат учун телевизор ўрнатилгани ҳолда, ундан ҳалигача фойдаланилмаяпти.
Яккабоғ, Ғузор, Кўкдала ва Қамаши туманларида жорий йил бошидан бугунги кунгача DMED тизимида мурожаатлар ёпилмаган, яъни “Навбатда” статусида қолиб кетган.
Вилоятнинг 7 та тумани тиббиёт муассасаларида тизимдан фойдаланиш паст даражада. Масалан, Дехқонободда 74, Кўкдалада 83, Чироқчида 84, Қамаши ва Ғузорда 89 фоизни ташкил этган.
Йиғилишда ҳозир вилоятда пуллик хизмат кўрсатувчи 45 та тиббиёт муассасаси борлиги, шундан 10 тасида DMED тизимининг касса модулидан фойдаланилаётгани ҳам айтиб ўтилди.
Вилоятда “Электрон рецепт” дастури ишга туширилган ва дори-дармон учун Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан 484 млн. сўм маблағ ўтказиб берилган. Аммо маблағнинг бор-йўғи 2 фоизига электрон рецепт ёзилган. Деҳқонобод, Яккабоғ, Ғузор ва Косон туманларида бу кўрсаткич жуда кам фоизни ташкил этганини асло қабул қилиб бўлмайди.
Ўз навбатида, йиғилишда ҳудуддаги ижобий ҳолатлар ҳам тилга олиниб, намуна сифатида кўрсатиб ўтилди.
Якунда келтирилган камчиликларни бартараф этишга қаратилган зарур вазифалар белгилаб олинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.