ССВ: Андижонда тиббиётни рақамлаштириш ишлари вазир ўринбосари иштирокида танқидий таҳлил қилинди
Соғлиқни сақлаш соҳаси шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги замон талабларига тўла жавоб бериши керак. Бунинг учун барча бўғиндаги тиббиёт муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш лозим.
Қолаверса, шифохоналарда маъмурий бошқарув жараёнларини оптималлаштириш, олис ҳудудларда яшовчи аҳоли учун сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини яратиш зарур. Бу вазифаларни эса илғор рақамли технологияларсиз амалга ошириш имконсиз.
Шу боис бугун мамлакатимизда тиббиёт муассасалари фаолиятини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ бу жараёнлар ҳамма ҳудудларда ҳам тўлиқ талаб даражасида эмас.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олим Омонов томонидан Андижон вилоятида видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда ҳудуддаги мавжуд ҳолат тизим масъуллари иштирокида атрофлича таҳлил қилинди.
Тадбирда туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг шу йўналиш бўйича ўринбосарлари ҳамда IT-ҳамширалар жойлардаги студиялар орқали қатнашди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2024 йилдаги тегишли қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан вилоятда давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш, тиббиёт муассасаларини эҳтиёж асосида компьютер техникаси ва бошқа зарур воситалар ҳамда локал тармоқ билан таъминлаш белгиланган.
Шу йил февраль ойида вазирлик Ҳайъат йиғилишида ҳудудда инфратузилма ҳолати яхши эмаслиги, мавжуд қурилмалардан самарали фойдаланилмаётгани, локал тармоқ тортиш ишлари якунига етказилмагани танқид остига олинган бўлса-да, айрим туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ҳалигача масаланинг моҳиятини тўла англаб етмаган.
Мисол учун, Асака туманида 4 та, Избосканда 10 та, Шаҳрихонда 7 та, Пахтаобод, Балиқчи ва Бўстонда 3 тадан, Улуғнор, Хўжаобод ҳамда Марҳаматда 2 тадан тиббиёт муассасаларида локал тармоқ тортиш ишлари якунига етказилмаган.
Вазирликнинг 2024 йилдаги тегишли буйруғига асосан “Ягона тиббиёт ахборот тизими” (DMED)ни вилоятда февраль ойигача жорий этиш кўзда тутилган, аммо 3 та тиббиёт муассасасида ҳалигача ушбу дастур ўрнатилмаган.
DMEDдан фойдаланиш ва кунлик мониторинг қилиш муассаса раҳбарларига юклатилганига қарамай, Жалақудуқ, Хўжаобод, Олтинкўл туман тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари ҳалигача мазкур тизимга кириш имкониятига эга эмас.
Йиғилишда вилоятнинг айрим ҳудудларида янги тизимдан фойдаланиш даражаси суст экани, тиббиёт ходимлари дастурда ишлаш бўйича етарли кўникмага эга эмаслиги ва патронаж модулидан фойдаланилмаётгани танқид қилинди.
Шунингдек, вилоятда пуллик хизмат кўрсатувчи 39 та тиббиёт муассасаси мавжудлиги, лекин уларнинг 23 тасида DMED тизимининг касса модули йўлга қўйилмагани, бу ҳолат, айниқса, ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг ҳудудий филиалларида қониқарсиз экани қайд этилди.
Йиғилишда белгиланган топшириқларни бажаришда сусткашликка йўл қўйган айрим раҳбарларга интизомий жазо чораларини қўллаш белгиланди.
Қолаверса, кўрсатиб ўтилган камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар берилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.