ССВ: Тиббиёт соҳасига хорижий инвестицияларни жалб этиш ишлари танқидий таҳлил қилинди
Соғлиқни сақлаш вазирлигида соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича ишлар самарадорлигини оширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Бош прокурор ўринбосари Д. Касимов ва Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ф. Ташпулатов бошчилигида видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган ушбу мулоқотда вазирлик масъуллари, тиббиёт олий ўқув юртлари ва тегишли ташкилотлар вакиллари, жойлардаги студиялардан вилоят ҳокими ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ҳамда вилоят бошқармалари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда ушбу йўналишга доир бир қатор муҳим масалалар танқидий кўриб чиқилди.
Дастлаб ўтган 2024 йилда соҳага чет эл инвестицияларини жалб қилиш бўйича қилинган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, жорий йилги хорижий лойиҳалар юзасидан маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, 2025 йил 320 та муассаса хорижий инвестиция дастурлари доирасида 35 турдаги 8000 дан ортиқ замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланади.
Шунингдек, пойтахтимизда катталар учун замонавий кўп тармоқли тиббиёт маркази, Қарши ва Бешкент шаҳарларида 2 та тиббиёт муассасасини барпо этиш ишлари бошланади. Бундан ташқари, жорий йил мамлакатимиздаги 230 та туғруқ комплекси ва перинатал марказларини 41 турдаги 10 минг 142 дона замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича лойиҳалар амалга ошириш кўзда тутилган.
Шундан келиб чиқиб, йиғилишда бундан буён соҳадаги инвестиция лойиҳаларини асосий фаолият йўналишларига мувофиқ масъул вазир ўринбосарларига тақсимлаш механизми жорий этилиши таъкидланди.
Шунингдек, тизимда ҳар бир ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари раҳбарларига хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.