Unutilmas siymolar. Alixontoʻra Sogʻuniy | Унутилмас сиймолар. Алихонтўра Соғуний

33
10 июл. 2019 г.

Алихонтўра Шокирхўжа ўғли (тахаллуси Соғуний; 1885. 21.3, Тўқмоқ — 1976.28.2, Тошкент) — дин ва жамоат арбоби, уламо. Арабистон (Мадина)да ва Бухоро мадрасаларида таҳсил олди.
Чор маъмуриятининг ерли аҳолини мардикорликка олиш сиёсатига қарши чиққанлиги учун подшо махфий полицияси таъқибида бўлди. 1916 йили қўзғолони шафқатсизларча бостирилгач сиёсий муҳожир бўлиб Қашқар (Хитой)га кетди, кейин Шарқий Туркистон (Ғулжа шаҳри)га борди. Омма орасида ҳуррият ғояларини тарғиб қилганлиги сабабли 1937 йили Хитой маъмурлари томонидан ҳибсга олиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди. 1941 йили адлиявий тафтиш натижасида озод қилинди. 1944 йил 12 ноябрда Шарқий Туркистон жумҳурияти эълон қилиниб, Алихонтўра Муваққат инқилобий ҳукумат раислигига сайланди. Миллий қўшин ташаббускори бўлди ва унга қўмондон этиб тайинланди. 1946 йил июнда шўро айғоқчилари томонидан махфий равишда тазйиқ билан Ғулжадан олиб чиқиб кетилган Алихонтўра умрининг охиригача Тошкентда яшади.
Аҳмад Донишнинг «Наводир-ул вақоэ», Дарвиш Али Чангийнинг «Мусиқа рисоласи», шунингдек «Темур тузуклари» каби асарларни таржима қилди. Алихонтўранинг «Девони Соғуний» шеърий тўплами, «Тарихи Муҳаммадий», «Шифо ул-илал» («Хасталиклар давоси») ва б. асарлари бор.
Алихонтўра тарихий меъморлик обидалари ва қадимий қўлёзмаларни сақлаб қолишда жонкуярлик қилган. Тошкентдаги Шайх Зайниддин бобо қабристонига дафн этилган.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Алихонтўранинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкентнинг Яккасарой туманидаги ўрта мактабга, Чилонзор туманидаги маҳаллага, Шайхонтоҳур туманидаги кўчага унинг номи берилди.