Сурхондарёда тиббиёт тизимини рақамлаштириш жараёнлари қандай бормоқда

3
24 апр. 2025 г.

Тиббиётни халққа яқинлаштириш доирасида тизимни рақамлаштиришга катта эътибор берилаётгани бежиз эмас. Бу орқали одамлар учун қандай қулайликлар яратилишини ҳозирдан тасаввур этиш қийин эмас. Яъни фуқаролар ортиқча вақт ва куч сарфламасдан туриб текширувлардан ўтади, даволаниш жараёни ҳам тез ва соз кечади.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олим Омонов томонидан жойларда ўтказилаётган видеоконференцалоқа шаклидаги йиғилишларда бу борада ҳудудларда олиб борилаётган ишлар ана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб чуқур таҳлилдан ўтказилмоқда.

Сурхондарё вилоятида ташкил этилган навбатдаги йиғилишда ҳудуддаги ҳолат тизим раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларининг рақамлаштириш бўйича ўринбосарлари жойлардаги студиялардан иштирок этди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2024 йилдаги тегишли қарорида Сурхондарё вилоятида 2026 йил 1 апрелдан давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш ҳамда тиббиёт муассасаларини компьютер ва бошқа техник воситалар, локал тармоқлар билан таъминлаш кўзда тутилган.

Хўш, вилоятда ушбу жараёнлар қандай бормоқда?

Бугун ҳудудда 276 тиббиёт муассасаси мавжуд бўлиб, шундан 22 тасида локал тармоқ қурилиши якунланмаган. Ажабланарлиси шундаки, жорий йил март ойида вазирлик томонидан ўрганиш ўтказилиб, инфратузилма ҳолати яхши эмаслиги, мавжуд қурилмалардан фойдаланилмасдан келинаётганлиги, локал тармоқ тортиш ишлари якунига етказилмаганлиги танқид қилинган ва зарур вазифалар белгилаб берилган эди.

Мана, орадан сал кам 2 ой ўтяпти, аммо муаммолар ҳануз бартараф этилмаган.

Республика бўйича компьютер техникалари билан таъминлаш 65 фоизга етгани ҳолда Сурхондарёда 37 фоизни ташкил этаётгани ҳам ташвишлидир.

Туманлар мисолида айтадиган бўлсак, компьютер техникасига бўлган эҳтиёж Деновда 20, Қумқўрғонда 24 ва Олтинсойда 28 фоизга қоплангани барча масъулларни ўйлантириши керак.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида 60 та компьютер қурилмаси мавжуд, 30 таси маънан эскирган ҳамда 80 та эҳтиёжи бор. Марказга охирги 2 йил ичида компьютер қурилмаси умуман харид қилинмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2024 йилдаги тегишли буйруғи билан вилоятда “Ягона тиббиёт ахборот тизими” (DMED)ни февраль ойига қадар тўлиқ жорий этиш белгиланган бўлса-да, 4 та тиббиёт муассасасида вазифа бажарилмаган.

Тадбирда вилоятда пуллик хизмат кўрсатувчи 39 та тиббиёт муассасаси мавжудлиги, лекин уларнинг бирортасида DMED тизимининг касса модули йўлга қўйилмагани танқид қилинди.

Бойсун тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари DMED тизими хусусида тасаввурга эга эмас, шекилли, марказий шифохонага компьютер қурилмаси ажратмаган, шу боис ходимлар ҳамон қоғозда ишлашга мажбур бўлмоқда.

Тадбирда ҳудуддаги ижобий ҳолатлар тилга олиниб, намуна сифатида тавсия этилди.

Йиғилишда кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.