Sartaroshlar mavjud emasmi? | Сартарошлар мавжуд эмасми
Бир йигит соч-соқолини олдириш учун сартарошхонага кирди.
У ўзига хизмат кўрсатаётган сартарош билан мароқли суҳбатга чоғлана бошлади. Улар кўп мавзулар ҳақида суҳбатлашдилар. Тўсатдан, гап мавзуси Худога бориб тақалди.
Сартарош деди:
— Қара, мен сендан фарқли ўлароқ, Худо йўқ деб ҳисоблайман.
— Нега бундай деб ўйлайсан? – сўради мижоз.
— Хўш, бу жуда осон. Масалан, Худонинг мавжуд эмаслигини билмоқчи бўлсанг, шунчаки кўчага чиқ. Айт-чи менга, агар Худо бор бўлганида, шунчалар кўп одамлар касал бўлармиди, болалар қаровсиз қолдирилармиди? Ростдан ҳам Худо мавжуд бўлганида, ҳеч қандай оғриқ ҳам, ғам-ташвиш ҳам бўлмасди. Мен Худо бундай нарсалар бўлишига йўл қўяди деб ўйламайман.
Мижоз бир муддат ўйланиб қолди, бироқ бу далилларга қаршилик қила оладиган жавобни бера олмади. Сартарош ишини тугатди ва мижоз кўчага чиқди. Сартарошхонани тарк қилиши билан, йўлда узун соч-соқолли бир кишини кўриб қолди. Унинг соч-соқолини олдирганига анча вақт бўлгани шундоқ билиниб турар эди. Ўзи ҳам жуда исқирт эди.
Мижоз яна қайта сартарошхонага кирди ва сартарошга қарата деди:
— Биласанми, сартарошлар ҳам йўқ экан.
— Нимага бундай деб ўйлаяпсан? — сўради сартарош. — Мана – мен сартарошман.
— Йўқ! – хитоб қилди мижоз, — Улар мавжуд бўлмаган одамлар, чунки агар бор бўлганларида, кўчадаги ана у кишига ўхшаш узун соч-соқолли кишилар қолмаган бўларди.
— Эҳе, сартарошлар бор, одамларнинг ўзи келмаса айб уларда эмас-ку!
— Ҳа-да! – тасдиқлади мижоз. – Гап шунда-да! Аллоҳ бор, фақат инсонлар унга томон талпинмайдилар, юзланмайдилар. Шунинг учун ҳам дунёда ғам-ташвиш, азиятлар рўй беради.









